Британияда Манчестердаги портлашларда гумонланган олтинчи шахс қўлга олинди

Манчестердаги теракт қурбонлари хотираси учун келтирилган гуллар ва пуфаклар.

Британия полицияси 22 май куни Манчестердаги террор хуружига алоқадорликда гумонланган олтинчи шахсни ҳибсга олди. Бу ҳужум оқибатида 22 киши ўлган, 59 киши жароҳатланганди.

Полиция маълумотига кўра, 24 май куни Манчестер шимолидаги Блекли мавзеида бир аёл ҳибс этилган.

Манчестерда худкуш шахс томонидан амалга оширилган ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” гуруҳи ўз зиммасига олган. Ҳужум ижрочиси 22 ёшли манчестерлик Салмон Абедий экани эътироф этилган. Аввалроқ Салмоннинг отаси ва ака-укалари қўлга олинганди.

“Биз, афтидан, жиноий тармоқ фаолиятини текшираяпмиз, деб ўйлайман” деган Манчестер полицияси раҳбари Иан Хопкинс бутун шаҳар бўйлаб “фаол тинтувлар” ўтказилаётганини қўшимча қилди.