Петербургдаги портлашда гумонланган ўшлик ака-укага айблов билдилди

Петербург метросидаги терактда гумонланган Аброр Азимов.

Россиялик терговчилар Ўшда туғилиб ўсган ака-ука Аброр ва Акром Азимовларга террорчилик ва қурол сақлаш бўйича узил-кесил айблов қўйдилар.

Аввалроқ терговчилар Акромни Петербург метросида 3 апрел куни содир этилган ва 15 киши ҳаётига зомин бўлган террор хуружи ташкилотчиси, деб атаган.

"Ҳимоям остидагиларга 205-модда (террорчилик) ва 222-модда (қурол-аслаҳа ва портлатгичларни сақлаш) бўйича айбловлар қўйилган”, деди ака-ука Азимовларнинг адвокати Дмитрий Динзе.

Рус расмийлари Аброр Азимов Подмосковьедаги Одинцово туманида, унинг акаси Акром эса Москвада қўлга олинганини билдирганлар.

Акром Азимов ўзининг Петербургдаги терактга алоқадорлигини рад қилган. Ака-укаларнинг онаси Вазира Мирзаҳмедова ҳам ўғилларининг терактга алоқаси йўқлигини ва қирғиз чекистлари Акромни Ўшдаги касалхонадан тутиб кетганини маълум қилган эди.