БМТ Хавфсизлик Кенгаши Кобулдаги террорни қоралади

Террор ҳужуми содир этилган жой. Кобул, 31 май 2017 йил.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Кобул марказида содир этилган террор ҳаракатини қоралади ҳамда барча мамлакатларни террорчиларни аниқлаш ва жазолашда Афғонистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга чақирди.

15 аъзо давлатдан иборат Хавфсизлик Кенгашининг 31 май кунги резолюциясида “ҳар қандай шаклдаги террорчилик жаҳондаги тинчлик ва барқарорликка нисбатан жиддий таҳдиддир”, деб таъкидланди.

Кобулдаги Германия элчихонаси олдида мина ўрнатилган автомобил портлатилиши оқибатида 31 май куни камида 90 одам ҳалок бўлди, 400 одам яраланди. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ мазкур ҳужум учун масъулиятни зиммасига олмади.

Бу воқеадан сўнг НАТО Афғонистонда террорчиликка қарши курашда собит эканинин яна бир бор таъкидлади.

-НАТО Афғонистон ҳукуматини қўллаб қувватлашда давом этмоқда. Биз афғон ҳамкорларимизни террорчиликка қарши курашда қатъий қўллаб-қувватлаб келаяпмиз ва бутун афғон халқига тинчлик ва барқарорликни таъминлаб бериш ишида собитмиз, -деди НАТОнинг Афғонистондаги ваколатхонаси вакили Марион Обри