Мосулни тарк этаётган тинч аҳоли орасида ўнлаб одам қурбон бўлди

Сўнгги икки кун ичида Мосулнинг "Ислом давлати" (ИД) экстермист гуруҳи назорати остидаги қисмидан қочиб чиқаётган тинч аҳоли орасида ўнлаб одам қурбон бўлган.

Reuters TV мухбирларининг хабар қилишича, 3 июн куни қурбон бўлганлар орасида эркаклар, аёллар ва болалар бўлган. Мухбирлар қурбонларнинг жасади Занжили туманидаги кўчаларда ётганига гувоҳ бўлганини хабар қилди.

Бу туман Мосулнинг экстремистлар қўлида қолаётган сўнгги 3 тумандан биридир. 2 июн куни АҚШ етакчилигидаги коалициядан кўмак олаётган Ироқ ҳарбийлари экстермист гуруҳ қўлида қолаётган Сиҳҳа туманини эгаллади.

Гувоҳлар ИД жангарилари "Занжили туманидан қочаётган тинч аҳолини отиб ташлаётганини" айтмоқда.