Бош прокурор Жасур Ибрагимов ишини шахсий назоратга олди

Тошкентда ўлдириб кетилган Жасур Ибрагимов.

Тошкентдаги Боровский тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасур Ибрагимов ўлими бўйича жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тергов Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев томонидан шахсан назоратга олинди. Бу ҳақда душанба куни Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

5 июнь куни Тошкентдаги Дўстлик боғида 17 ёшли Жасур Ибрагимовнинг калтаклаб ўлдирилишини холис ва адолатли тергов қилинишини талаб этган 400 одам намойишга чиққан эди.

Тошкент милицияси расмийлари намойишчилар имзолаган петицияни қабул қилган ва Ибрагимовни ўласа даражада калтаклаган шахс қамоққа олинганини билдирган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, 4 июнь куни жиноят иши Тошкент шаҳар прокуратураси иш юритувига қабул қилинган. Тўпланган далиллар мажмуи асосида жиноятда айбланган Исломбек Тўлаганов қамоққа олинган.

"3 май куни П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи 2-босқич талабаси, 1999 йилда туғилган Ибрагимов Жасурбек Махаммаджон ўғли тан жароҳати олиб, Тошкент шаҳар 2-сон болалар жарроҳлик шифохонасига ётқизилган ва олган тан жароҳатлари натижасида 1 июнь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида вафот этган", дейилади Бош прокуратура баёнотида.