Мираброр Усмонов Эрон-Ўзбекистон учрашувини Германияда томоша қилади

Ўзбекистон футбол федерацияси (ЎФФ) президенти Мираброр Усмонов.

Ўзбекистон футбол федерацияси (ЎФФ) президенти Мираброр Усмонов бугун, 12 июнда ўтказилажак Эрон-Ўзбекистон учрашувини Германияда томоша қилади.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган ЎФФга алоқадор манбанинг айтишича, соғлигини тиклаш учун Германияга кетган Мираброр Усмонов айни кунларда шу юртдаги санаторийлардан бирида даволанмоқда.

“Мираброр Зуфарович даволаиш учун ҳар йили июнь ойида Германияга кетади. Бу йил ҳам Франкфуртга айнан шу мақсадда кетган. Бугунги ўйинни шу юртдаги санаторийда телевизор орқали томоша қилса керак ”, - деди ЎФФга яқин манба.

Жаҳон чемпионатининг сўнгги саралаш босқичида Осиё минтақаси “А”гуруҳидан ўрин олган Эрон-Ўзбекистон учрашуви бугун, 12 июнда Теҳрондаги “Озодий” стадионида Тошкент вақти билан соат 21.45 бошланиши кутилмоқда.

Ушбу учрашувдаги ғалаба форсларга жаҳон чемпионати йўлланмасини муддатидан олдин тақдим қилади. Мағлубият ёки дуранг эса ўзбекларни мундиалга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятидан маҳрум қилади. Шу сабабдан ушбу учрашув Ўзбекистон терма жамоаси учун ўта оғир кечиши кутилмоқда.