Жиззахда "Пежо" ва "Ситроен" автомобилини ишлаб чиқарувчи завод қурилади

Peugeot логотипи.

Ўзбекистонда йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган Peugeo ва Citroën русумидаги автомобилларни ишлаб чиқарувчи завод 2018 йилнинг 1 майига ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, бу борадаги қарор Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган.

Қарорда айтилишича, хориж сармоясига эга бўлган Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive корхонаси ташкил этилади. Мазкур корхона қурилиш давомида ва ишга туширилганидан сўнг 10 йил мобайнида барча солиқлардан ва Республика йўл жамғармасига мажбурий тўловлардан озод этилади.

Peugeot Citroen Automobiles S.A. ва “Ўзавтосаноат” ширкатлари ўртасида “Жиззах” эркин инвестиция ҳудудида автомобил заводини ташкил этиш юзасидан шартнома шу йилнинг 16 майида имзоланган эди.

Мазкур қўшма корхонанинг устав жамғармаси 30 миллион еврони ташкил этади. Лойиҳани амалга ошириш учун 130 миллион евро сармоя ётқизилади.

Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive бир йилда 16 мингта автомашина ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.