БМТ Бош котиби эълон қилинмаган ташриф билан Кобулга борди

Гутерриш Афғонистондаги қочиқнлар лагерида.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Кобулга борди.

Бош котиб қуролли низолар туфайли ўзлари яшаётган ҳудудларни тарк этиб, айни пайтда қочқинлар лагерида яшаётган афғонлар билан учрашди. У учрашув пайтида Афғонистондаги низони қуролли йўл билан бартараф этиб бўлмаслигини айтди:

-Мазкур ташрифдан мақсад Афғонистон халқи билан бирдам эканимни намойиш этишдир. Биз теран ишонамизки, бу ердаги вазиятни ҳарбий йўл билан барқарорлаштириш мумкин эмас, -деди Гутерриш.

БМТ Бош котиби Кобул ташрифи давомида халқаро ҳамжамиятни Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини кўпайтиришга, афғон халқи ҳаёти фаровонлигини ошириш йўлида кўмак кўрсатишга чақирди.

Гутерриш Марказий Осиё бўйлаб расмий сафарини 8 июнда Қозоғистондан бошлаган эди. Остонада БМТ Бош котиби ШҲТ саммитида иштирок этди.

У 10 июнда Самарқандда президент Мирзиёев билан учрашди. 11 июнда Қирғизистонда Гутерриш президент Атамбаев билан Бишкекда учрашди ва Ўшда 2010 йил қирғинида ҳалок бўлганларни хотирлаш тадбирларида иштирок этди.

Гуттериш 12 июнда Душанбеда, 13 июнда Ашхабодга борди.