АҚШ прокурорлари террорда гумон қилинган Мухторовни озод этмасликни сўради

Жамшид Мухторов оиласи билан

АҚШ прокурорлари 5 йилдан буён АҚШда ҳибсда қолаётган ўзбекистонлик Жамшид Мухторовни озод этмасликни сўрамоқда.

Мухторовга "Ислом давлати" (ИД) экстремист гуруҳини қўллаш билан боғлиқ айблов қўйилган.

Денвер прокурори 27 июн куни АҚШ аппеляция судига Мухторовни кейинги йил бошланадиган судга қадар очиқда қолдириш бўйича 4 кун аввал қуйи суд чиқарган ҳукм устидан ариза киритди.

40 яшар ўзбекистонлик Мухторов унинг устидан маҳкаманинг такрор-такрор қолдирилиши оқибатида ҳуқуқи бузилаётганидан арз қилган эди. Прокурорлар эса очиқда юрса, унинг қочиши мумкинлигини айтмоқда.

Жамшид Мухторов ИД ва Покистонда жойлашган экстремист гуруҳларга телефон ва бошқа электроник жиҳозларни яширинча етказиб беришда айбланган. Бу ўзбекистонлик Колорадо штатида сиёсий қочқин мақомини олган.

Мухторов 2012 йилнинг январида ҳибсга олинган ва ўтган ҳафтада у айби исботланган тақдирда берилиши мумкин бўлган эҳтимолий жазо муддатини судга қадар ўтаб бўлди, деган сабаб билан озод этишга ҳукм қилинган эди.