Қозоғистон аҳолиси 18 миллионга етди

Олмаота кўчаларидан бири.

Қозоғистон аҳолиси сони 18 миллион кишига етди. Бу ҳақда 4 июль куни Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Қозоғистоннинг 18 миллионинчи ватандоши 11 май куни Олмаота вилоятининг Талдиқўрғон туманида деффектолог Диана Омарханова ва ўқитувчи Самат Бестибаевнинг оиласида туғилди. Қизалоққа Муслима Саматқизи деб исм қўйишди.

Қозоғистонда сўнгги марта аҳолини рўйхатга олиш иши 2009 йилда ўтказилган эди. Ўшанда республика аҳолиси сони 16 миллиондан сал кўпроқ экани аниқланган.