Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жонли мулоқот ўтказди

5 июль куни Тошкентдаги Халқаро Пресс-клубда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўзбекистонликлар ва журналистлар билан жонли мулоқот ўтказди. Мулоқот “Ўзбекистон” телеканали орқали кенг жамоатчиликка намойиш этилди.

Мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта ўтказилган жонли видеоконференцияда мамлакатнинг 47 хориж давлатидаги элчихоналари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида қўйилган эълонга кўра¸ Тошкент вақти билан соат 14:00 дан бошланиб¸ икки соат давом этган мулоқотда вазир Комиловга саволларни “матн¸ аудио ва видео кўринишида” вазирлик виртуал қабулхонаси¸ muloqot@tiv.uz расмий электрон манзили¸ шунингдек вазирликнинг Facebook, Telegram каналларидаги саҳифасига олдиндан жўнатиш айтилган.

Ушбу мулоқот арафасида Озодликка мурожаат қилган хорижда яшовчи айрим ўзбекистонликлар элчихоналарнинг Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга савол берувчиларни олдиндан тайёрлаëтганини билдирган эди.

Озодлик суриштируви давомида Ўзбекистоннинг камида учта - Туркия, Малайзия ва Япония ваколатхоналарида Комиловга савол берадиган талабалар билан "репетиция" ўтказилгани маълум бўлди.