Мирзиёев Наманган шаҳар ҳокимини алмаштирди

Мирзиёев Намангандаги Мингбулоқ конида

Ўзбекистон ичкарисидаги қатор Интернет нашрларининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига икки кунлик сафарининг сўнггида шаҳар ҳокимини алмаштирган.

Кун.uz’нинг Наманган вилоятидаги манбасининг хабарига кўра, Наманган шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган Баҳодир Маматович Бекхўжаев лавозимидан бўшатилган.

Uznews.uz нашрининг хабар қилишича Бекхўжаев қатор йўналишлардаги ишлаб чиқариш бўйича йўл қўйган камчиликлари учун ишдан олинган. Ҳокимга қўшиб, унинг ишлаб чиқариш, коммунал хизмат ва капитал таъмир масалалари бўйича ўринбосари Тўлқин Дадабоев ҳам ишдан олинди.

Наманган шаҳрига ҳоким этиб, бунга қадар Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаментининг мудири вазифасида ишлаб келаётган 41 яшар Шавкат Шокиржонович Абдураззоқов тайинланди.