ЕИ расмийси Ўзбекистондаги демократия вазияти муҳокама қилинганини билдирди

Эстония Ташқи ишлар вазири Свен Миксер ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Ислом Каримов вафотидан сўнг ўтказилган энг юқори даражали сиëсий сўзлашувларда Ўзбекистондаги демократия¸ инсон ҳақлари вазияти муҳокама қилинди.

Бу ҳақда ўзаро учрашувдан сўнг ЕИнинг жорий президенти¸ Эстония Ташқи ишлар вазири Свен Миксер ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида баëнот берди:

- Биз 2005 йилги воқеаларни бу учрашувда муҳокама қилганимиз йўқ. Аммо бу биз нозик масалаларни муҳокама қилишдан тийилдик¸ дегани эмас. Учрашувда инсон ҳақлари¸ фундаментал эркинликлар ва қонун устиворлиги каби мавзуларда обдон гаплашдик¸ деди ЕИ расмийси жумладан.

Тошкент дипломатлари раҳбари ҳам¸ ўз эстониялик ҳамкасби баëнотини қувватлаб:

- 2005 йилги Андижон воқеаларини муҳокама қилмадик. Биз бу воқеалар юзасидан кенг кўламли ва чуқур тергов ўтказганмиз. Ҳозиргача бу воқеаларга оид савол берган ҳамкорларимизнинг ҳаммасига ҳар томонлама қаноатланарлик жавоб бериб бўлинган¸ деди жумладан.

ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида 17 июль куни бўлиб ўтган сиëсий сўзлашувларда ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга оид келишувга эришилди.