Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги сайловни "фитна" деб атади

Тоғли Қорабоғдаги Степанакерт шаҳри.

Озарбайжон Тоғли Қорабоғда 19 июлда ўтказилган президент сайловини “Арманистон томонидан уюштирилган фитна”, деб атади.

Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ҳикмат Гаджиев:

-Ноқонуний парламент сайлови ва конституцияга ўзгартишлар киритилиши халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмади. Шунинг учун ноқонуний парламент томонидан президентлик сайловининг ўтказилиши кулгилидир ва ўз ўзини алдашдан бошқа нарса эмас. Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудларининг лидерлари Арманистон сиёсий раҳбарияти томонидан тайинлангани ва улар қўғирчоқ экани ҳаммага маълум, -деб билдирди.

Тоғли Қорабоғда 19 июлда парламент Бако Саакянни учинчи марта уч йиллик муддатга президентликка сайлади.

1991 йилда Озарбайжондан мустақил эканини эълон қилган, аммо жаҳон давлатлари томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳудуди учун Озарбайжон ва Арманистон ўртасида 90-йилларда уруш бўлган. Мазкур урушда 30 минг одам ҳалок бўлгани айтилади.

Озарбайжон ва Арманистон Торғли Қорабоғ масаласида ҳали ҳам уруш ҳолатидадир. Бу муаммони ҳал этиш борасида 25 йилдан бери олиб борилаётган музокаралардан деярли натижа бўлмаяпти.