Трамп Сурия мухолифатига қурол етказиб бериш дастурини тўхтатди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп бир ой олдин Сурияда Башар Ассад режимига қарши курашаётганларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ва қурол билан таъминлаш бўйича махфий дастурни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Бу ҳақда 19 июль куни Washington Post газетаси исми айтилмаган расмийларга таянган ҳолда хабар берди.

Газетанинг ёзишича, Трамп бир ой олдин Марказий Разведка бошқармаси раҳбари Майк Помпео ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Герберт Макмастер билан ўткизган йиғилишдан сўнг мана шундай қарорга келган.

Washington Post бундай қарордан мақсад АҚШнинг Россия билан Сурия масаласида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини кўрсатиш бўлган, деб ёзди. Помпео ва Макмастер бу хабарни шарҳлашдан бош тортди.

Манбалар газетага берган маълумотида, мазкур қарор “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашаётган жанггарилар отрядларига тегишли эмаслигини айтганлар.

АҚШ Сурия мухолифатига қурол етказиб бериш дастурини 2013 йилда бошлаган эди. Бу дастур президент Барак Обама сиёсатининг асосий бандларидан бири бўлган.