Ички ишлар ходимлари мардикор бозоридаги аёлларга таҳқиромуз муносабатда бўлмоқда

Тошкент шаҳри мардикор бозорларида вилоятлардан келган кўплаб аёллар овораи сарсон бўлиб юрибди (“Ҳуррият”, 19 июль). Тирикчилик кўйида мардикор бозорига чиқишга мажбур бўлаётган аёлларга ички ишлар ходимлари ҳам таҳқиромуз муносабатда бўлмоқда. “Ҳа, кейинги пайтда инсоннинг қадр-қиммати пасайиб кетгани бор гап. Одамнинг ўз юртида бундай хўрланишига бефарқ қараб бўлмайди”, деб ёзади газета. “Турмуш ўртоғим бошқага уйланиб кетган. Алимент тўлаш хаёлига келмайди. Болаларимга ёрдам сўраб, маҳаллагача бордим. У ерда ҳам таниш-билиш. Иш излаб бормаган ташкилотим қолмади, ким ҳам сизга ўз ўрнини бўшатиб беради! Унда-бунда топилганлари ҳужжатдан олдин “шапка”нинг “учи”дан озроқ узатишимни сўради”, деган самарқандлик Гулмира Самиева газета мухбирига. “Баъзан матбуот анжуманларида журналистларни йиғиб, катта-кичик раҳбарлар, ишбошиларнинг олис қишлоқларимизда бир йилда қанчалаб цех ишга туширилгани, қанча одам иш билан таъминлангани ҳақида берган ахборотлари фақат ялтироқ ҳисобот учун, амалда эса шунинг ўндан бири ҳам йўқ экан-да! Бу жабрдийдалар фақат ўзи учун яшашга ўрганиб қолган беш-олтита ноинсоф, оёғи ердан узилган раҳбарнинг масъулиятсизлиги туфайли мардикор бозорларида сарғайиб юрибди”, деб ёзади газета.