Афғонистоннинг икки тумани Толибон назоратига ўтди

Афғонистон расмийлари мамлакат шимолида ва марказий қисмида Толибон иккита туманни ўз назоратига олгани тўғрисида хабар берди.

Якшанба куни Фарёб вилояти полицияси расмийси Абдул Карим Юрайш жанггарилар томонидан 22 июлда Қўхистон туманини босиб олганини расман билдирди.

Юрайшнинг билдиришича, хавфсизлик кучлари ва полиция Туркманистон билан чегарадош бўлган саккизта туманда Толибонга қарши жангларни олиб бормоқда.

Аввалроқ Тейвара тумани 22 июлда Толибон қўлига ўтгани хабар қилинган эди. Расмий хабарларда айтилишича, жанггарилар Тейвара туманини босиб олгач, касалхонда бир неча шифокор ва беморларни ўлдирган.

Толибон ҳаракати ўз баёнотида Қўхистон ва Тейвара туманларини босиб олганларини маълум қилди.

Бироқ Мудофаа вазирлиги бу туманлар Толибон қўлига ўтмаганини, мазкур ҳудудларда жанглар давом этаётгани тўғрисида билдирмоқда.