Исроил ҳукумати Қуддусдаги Ал Ақсо масжидига кириладиган ҳудудга ўрнатилган металлодетекторлар олиб ташланишини маълум қилди.
Бош вазир Бинямин Нетеняҳу кабинетининг 25 июлда тарқатган билдирувида, метеллодетекторлар ўрнига назорат ва кузатувнинг унча кўзга ташланмайдиган воситалари қўлланилиши айтилади.
Ал Ақсо масжидига кираверишда металлодетекторларнинг ўрнатилиши 21 июль - жума куни мусулмонлар ва полиция ўртасида зўравонликларга айланиб кетган тўқнашувларга сабаб бўлган эди. Бунинг ортидан камида 8 одам ҳалок бўлган.
Тўқнашувлар жума намози ўқишга келган мусулмонлар металлодетектордан ўтишдан бош тортиб, полициячиларни тошбўрон қилгани ортидан бошланган эди.
Мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар учун муқаддас бўлган Харам тепалигига кираверишда металлодетекторлар ўрнатилиши ва назорат кучайтирилишига 14 июлда икки яҳудий полициячининг отиб ўлдирилгани сабаб бўлган эди.