Москвада Али Ферузни Ўзбекистонга депортация қилмаслик талаби билан пикет ўтказилди

“Новая газета” мухбири Али Феруз.

Москвадаги президент маъмурияти биноси олдида 3 август куни фаоллар “Новая газета” мухбири Али Ферузни Ўзбекистонга депортация қилмаслик талаби билан пикет ўтказдилар. Бундай пикетлар Петербург, Вильнюс ва Берлинда ҳам ўтказилгани хабар қилинди.

“Чегара билмас мухбирлар”, Amnesty International ва Human Rights Watch халқаро ташкилотлари ҳам Россия ҳукуматидан Али Ферузни депортация қилмасликни талаб этаётир.

Human Rights Watch ташкилотининг Россиядаги дастурлари раҳбари Таня Локшина:

-Али Феруз 2008 йилда маҳаллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан икки кун ушланиб, калтаклангани ва қийноқларга солинганидан сўнг Ўзбекистондан қочиб чиққан. У Ўзбекистонга қайтарилса яна даҳшатли қийноқларга солиниши мумкин. Россия уни Ўзбекистонга қайтармаслиги керак, -деб баёнот берди.

"Новая газета" муҳаррири Дмитрий Муратов эса Али Ферузни Европа давлатларидан бирига олиб чиқиб кетилиши юзасидан музокаралар олиб борилаётганини айтди.

Сешанба куни Москванинг Басманний туман суди “Новая газета”нинг Али Феруз тахаллусга эга ва келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган журналисти Худойберди Нурматовни Россиядан депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

2 август куни Али Феруз суд қарори ортидан ўз жонига қасд қилгани, аммо журналистни суицидни охирига етказишдан суд ижрочилари тўхтатиб қолгани хабар қилинган эди.

Ўзбекистон ватандоши экани айтилаётган Худойберди Нурматов март ойида миграция қонунчилигини бузганликда айбланиб Москвада қўлга олинган эди. У тез орада ҳибсдан озод қилинган. Журналист Ўзбекистонга қайтадиган бўлса у ерда уни террорчи ташкилотга аъзоликда айблашлари мумкинлигини иддао қилмоқда.

Россия ҳукумати Али Ферузга вақтинчалик бошпана беришдан бош тортган.