Покистон мустақилликнинг 70 йиллигини нишонлади

Покистон президенти Мамнун Ҳусайн давлат байроғини кўтармоқда.

Покистон 14 августда мустақилликнинг 70 йиллигини тантанали тарзда нишонлади.

Пойтахт Исломободда ва тўрт вилоят марказларида сайллар ва мушакбозликлар бўлиб ўтди.

Исломободда байрам тадбирлари президент Мамнун Ҳусайн, бош вазир Ҳаққон Аббосий ва хориж давлатлари делегациялари иштирокида нишонланди.

Покистонда мустақилликнинг 70 йиллиги коррупцияда айбланиб Олий Суд томонидан ишдан олинган собиқ бош вазир Навоз Шариф мамлакатдаги ўз таъсири сусаймаганини ҳукуматга намойиш этиш мақсадида вилоятларга сиёсий юриш ўтказаётган бир пайтга тўғри келди.

Президент Мамнун Ҳусайн бу тўғрида гапирар экан:

- Бугунги кунда мамлакатимиз дуч келаётган муаммолардан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бу муаммоларни биз эҳтиросларга берилмасдан, ҳолис ва адолатли ҳал этишимиз лозим, -деб айтди.

Британия мустамлакаси бўлган Покистон 1947 йилда ўз мустақиллигини эълон қилган эди.