Украина Шимолий Кореяга ракета технологияларини сотганини инкор қилди

Украина Хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Александр Турчинов.

Украина Шимолий Кореяга ракета технологиялари етказиб бергани тўғрисидаги маълумотларни инкор этди.

The New York Times газетаси 14 август куни экспертларга таянган ҳолда, Шимолий Корея баллистик ракеталарни ишлаб чиқариш учун технологияларни Украинанинг “Южмаш” зхаводидан сотиб олган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабар берган эди.

Украина Хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Александр Турчинов 14 август куни “Украина Шимолий Кореяга ҳеч қачон ракета двигателлари ва бошқа технологияларни сотмаган”, деб расман баёнот берди.

Турчиновга кўра, бу маълумот Украинага қарши Россия махсус хизматалри томонидан уюштирилган кампаниядир.”Шу йўл билан улар Шимолий Корея ядровий дастуридаги иштирокини яширмоқчилар”, деб билдирди Турчинов.

The New York Times мақоласида “Южмаш” заводи айримачилар назорат қилаётган ҳудудга яқин ерда жойлашгани таъкидланган. Газета мақоласида Лондондаги Халқаро стратегик тақиқотлар институтида ўтказилган ракета бўйича тадқиқотларга ҳамда АҚШ махсус хизматлари экспертларига таянган.