Трампга хат ëзган “Толибон” Афғонистондан чиқиб кетишни сўради

АҚШ президенти Дональд Трампга “очиқ хат” билан мурожаат қилган толибон жангарилари Оқ уй раҳбаридан 16 йиллик қуролли можародан сўнг Америка ҳарбийларини Афғонистондан бутунлай олиб кетишни сўради.

“Аввалги тажриба Афғонистонга кўпроқ қўшин юбориш Америка ҳарбийлари ва иқтисодий қудратига янада кўпроқ зарба беришдан бошқа нарсага олиб бормаслигини кўрсатди”¸ дейилади 15 август куни қатор халқаро агентликларга инглиз тилида юборилган “Толибон” мактубида.

Ҳаракат матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид томонидан юборилган 1600 сўздан иборат хатда шунингдек Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқиш Америка аскарларини таҳликадан қутқариш ва авлодларга мерос бўлиб ўтаëтган урушга нуқта қўяжаги айтилган.

14 август куни АҚШ Мудофаа вазири Жим Маттис Трамп маъмурияти Афғонистонга оид янги ҳарбий стратегиясини эълон қилишни режалаëтганини билдирди.

2014 йилда НАТО қўшинлари чиқиб кетганидан сўнг¸ Афғонистонда 8400 нафарга яқин Америка ҳарбийси қолган. АҚШ матбуоти хабарларига кўра¸ Мудофаа вазири қўшинлар сонини яна 4000 мингга оширишни таклиф қилган. Аммо ҳозирча бу таклиф Трамп томонидан маъқулланмаган.