Россия ТИВ расмийси Шимолий Кореяга ракета технологияси сотилгани масаласида фикр билдирди

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Кореяга ракета технологияларини Украина етказиб бергани тўғрисидаги маълумотлар ҳақиқатга яқин, деб ҳисоблашини билдирди.

Бу ҳақда 16 август куни Москвадаги "Вести FM" радиосига интервью берган Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова:

-2014 йилда БМТ экспертлари ташкилотнинг хавфсизлик бўйича тегишли қўмитасига S213337 деган ҳужжатни тақдим этган. Мазкур ҳужжатда бир йил аввал Украина хавфсизлик хизмати Шимолий Кореянинг икки ватандоши “Южное” конструкторлик бюросидан ракета технологияларига оид махфий ҳужжатларни ўғирлашининг олдини олгани айтилган. Бу янги мавзу эмас, бу мавзу аввал ҳам кўтарилган, -деди Захарова.

The New York Times газетаси 14 август куни экспертларга таянган ҳолда, Шимолий Корея баллистик ракеталарни ишлаб чиқариш учун технологияларни Украинанинг “Южмаш” зхаводидан сотиб олган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабар берган эди.

Украина Шимолий Кореяга ракета технологиялари етказиб бергани тўғрисидаги маълумотларни инкор этди.