Самарқандда "Шарқ тароналари" фестивали муносабати билан 2 миллионта гул экилади

"Шарқ тароналари" фестивали Регистон майдонида ўтказилади.

Самарқандда “Шарқ тароналари” XI Халқаро фестивалга тайёргарлик доирасида шаҳар кўчаларини ободонлаштириш давом этмоқда.

Podrobno.uz нашрининг 17 август куни билдиришича, шаҳар кўчаларига хориждан олиб келинган 1,5 минг туп декоратив дарахт ва 2 миллионта гул экилмоқда.

Расмийларга кўра, 25 август куни очилиши кутилаётган “Шарқ тароналари” фестивалида иштирок этиш учун келадиган 700 меҳмонга шаҳарнинг меҳмонхоналаридан жой тайёрлаб қўйилган.

Фестивал иштирокчиларига шаҳардаги 15та ресторан, 210 нафар экскурсовод, 50та микроавтобус ва 80та автобус хизмат кўрсатади.

Фестивал 1997 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта Самарқанднинг Регистон майдонида ўтказиб келинади.