Эрон мухолифатчиси Меҳди Каррубий очликни тўхтатди

Эрон мухолифатининг таниқли намоёндаси Меҳди Каррубий.

Эрон мухолифатининг 6 йилдан бери уй қамоғида сақланаётган таниқли намоёндаси Меҳди Каррубий очликни тўхтади. Бу ҳақда 17 август куни мухолифатчининг ўғли Муҳаммад Таги Карруби маълум қилди.

79 ёшли Меҳди Каррубий уйидан уни қўриқлаётган махсус хизмат ходимлари чиқарилишини талаб қилиб 16 августда очлик эълон қилган эди. Ҳукумат бу талабни амалга оширишга рози бўлгани ортидан очлик акцияси тўхтатилган. Бундан ташқари мухолифатчи ўзига нисбатан очиқ суд ўтказилишини ҳам талаб қилган.

17 август куни Каррубий юрак ҳуружи билан касалхонага ётқизилган. Касалхонага уни кўргани келган Соғлиқни сақлаш вазири ва Разведка вазири ўринбосари ҳуккумат Каррубийнинг талабларини инобатга олишини ваъда қилган.

Меҳди Каррубий мухолитфат лидери Мир Ҳусайн Мусавий ва унинг хотини Заҳро Раҳнавард билан бирга 2011 йилнинг февралида уй қамоғига олинган эди. Улар 2009 йилдаги президентлик сайлови натижаларини яроқсиз деб топишни талаб қилган эдилар.