Мирзиёев Ҳиндистон ва Испания халқига ҳамдардлик билдирди

Ҳиндистондаги сув тошқини пайтида жон сақлаётган одамлар.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 август куни Ҳиндистонда поезд ҳалокати ва сув тошқинлари оқибатида кўплаб одамлар ҳалок бўлгани муносабати билан президент Рам Натх Ковиндга ҳамдардлик билдирди.

Уттар Прадеш штатида поезд ҳалокати оқибатида камида 20 одам ҳалок бўлди, 50 одам жароҳатланди. Уттар-Прадеш, Бихар ва Ассам штатларида ўтган ҳафта сўнггида юз берган сув тошқинларида эса камида 600 одам ҳалок бўлган ва минглаб одамлар уйсиз қолган.

Ташқи ишлар вазирлиги Шавкат Мирзиёев Барселонада содир этилган террор ҳаракатида одамлар ҳалок бўлгани муносабати билан Испания қироли Фелип V1га ҳам ҳамдардлик мактуби жўнатганини билдирди.

Барселонада 17 август куни юк автомашинасининг одамлар устига ҳайдалиши оқибатида 13 киши ўлган, юздан ортиқ одам яраланган эди.

Барселонадаги ҳужум учун масъулиятни ўзини "Исломий Давлат" дея атайдиган экстремист гуруҳ ўз зиммасига олди.