Сурия Россия билан биргаликда Ғарбнинг Яқин Шарқда ўз гегемониясини ўрнатиш ҳаракатига қарши чиқмоқда. Бу ҳақда Сурия президенти Башар Ассад 20 август куни Дамашқда Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари билан учрашув пайтида маълум қилди.
Башар Ассаднинг айтишича, Ғарб давлатларининг бу ҳаракатлари Сурияда мағлубиятга учради.
-Мен бу ерда Ғарбнинг лойиҳалари амалга оширилишига тўсиқлар ҳақида гапирар эканман, ғалаба қилганимизни билдирмоқчиман. Келинг, ҳар доим бўртирмасдан, бўлган ишни гапирайлик. Улар мағлуб бўлишди, лекин жангни давом эттиришаяпти, -деди Башар Ассад.
Сурия президенти ўз сўзида Россия, Эрон ва Хизбуллоҳ жанггари гуруҳини Суриянинг дўстлари, деб атади. Унга кўра, президент Владимир Путин, Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хаманеи, Хизбуллоҳ гуруҳи раҳбари Ҳасан Насруллоҳ Сурияни ёлғизлатиб қўйилишига йўл қўймайдилар.
Ассад ўз сўзида Туркия Сурия мухолифатини қўллаб-қувватлаётганини кескин танқид қилди.
“Бизда террорчиларни қўллаб - қувватлаган Эрдўғон режимига ҳеч қандай ишонч йўқ. Туркиянинг Суриядаги ҳар қандай ҳозирлиги оккупацияни англатади”, деди Ассад.