Испан суди террорчиликда гумонланганлардан 2 нафарини ҳибсдан озод қилди

Барселона ва Камбрилсдаги террор ҳужумида 15 одам ҳалок бўлган эди.

Испания Миллий суди террорчиликда айбланиб қўлга олинган 4 одамдан 2 нафарини уларнинг Барселонадаги террорга алоқадор экани тўғрисида далил-исботлар етарли бўлмагани учун ҳибсдан озод қилди.

Бироқ мазкур икки шахснинг паспортлари олиб қўйилди ва улар тергов якунлангунига қадар ҳар ҳафтада бир марта судга келиб, рўхатдан ўтиб кетишлари шарт бўлади.

Барселона ва Камбрилсда 17 август куни уюштирилган террор ҳужумида жами 15 одам ҳалок бўлган, юздан ортиқ одам яраланган эди.

Полициянинг маълум қилишича, судга келтирилган 4 шахс 12 кишидан иборат террор гуруҳининг аъзолари бўлган. Улардан 6 нафари Барселона ва Камбрилсда ўтган махсус амалиётлар пайтида отиб ўлдирилган, икки нафари эса Барселонадаги террордан икки кун олдин Алканар шаҳридаги уйлардан бирида бомба тайёрлаётган пайтларида портлаб кетган.