Ўзбекистонда Мустақиллик байрами нишонланиши арафасида Тошкентга айрим юк машиналари киритилмаслиги маълум қилинди.
Gazeta.uz сайтининг ёзишича, бу ҳақда 26 август куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси раҳбари ўринбосари, полковник Бахтиёр Охунов баёнот берган.
"Блокпостлар КПП режимида ишлайди, ҳар бир юк машинаси текширилади. Айрим юк машиналарининг киритилиши эса тегишли вазирлик ва идоралар қарори билан чекланади. Йўловчи транспорти, жумладан, автобуслар киритилади. Булар тўхтатилади, текшрилади ва ўткалиб юборилади", дея иқтибос келтиради мулозимдан Интернет нашри.
Муқаддам йиллар давомида Мустақиллик байрами арафасида Тошкентга вилоятлардан борувчи автотранспорт воситаларининг киритилмаслиги кузатилар эди.
Маҳаллий нашрлар бу йил Ўзбекистон Мустақиллигининг 26 йиллик тантаналари анъанавий тарзда Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Миллий боғ бош саҳнасида ўтказилмаслигини хабар қилди.
Кун уз сайтининг ўз манбасига таяниб 21 август куни хабар беришича, Мустақиллик тантаналарини "Ўзбекистон халқаро форумлар саройи"да концерт кўринишида ўтказиш белгиланмоқда.
2016 йилда Ислом Каримов оғир касаллиги ва вафоти муносабати билан Мустақиллик байрами расмий тантаналари ўтказилмаган эди.