Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкентда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти - UNWTO Бош котиби Толиб Рафоий билан учрашди.
Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, учрашувда Ўзбекистон билан UNWTO ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва уларни чуқурлаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилган. UNWTO ҳузурида Марказий Осиё бўйича Минтақавий комиссияни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинган.
Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби Толиб Рафоий Самарқандда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё уйғониш даврининг дунё тамаддуни тарихидаги ўрни” конференциясида қатнашиш учун Ўзбекистонга борди.
Ўзбекистон 1993 йилдан буён ташкилотга аъзодир. UNWTO доирасида минтақада туризм ривожланишини рағбатлантириш кўзланган ҳужжатлар – «Буюк ипак йўлида туризмни ривожлантириш тўғрисида Самарқанд декларацияси» (1995 йил), «Туризм ва маданий меросни сақлаб қолиш бўйича Хива декларацияси» (1999 йил), «Ипак йўли бўйлаб туризм бўйича Бухоро декларацияси» (2002 йил) имзоланган.