Матбуот: Куёвларда ҳамият қолмади – ётоқдаги тўшаккача келин олиб келади...

Самарқанд шаҳри “Лолазор” маҳалласидаги ёш оила келиннинг куёвга “Диванга қаттиқроқ ўтирманг, бунга дадажонимнинг пули кетган” деган таънаси сабаб бузилиб кетди (“Ҳуррият”, 6 сентябрь). Бу ҳақда маҳалла раиси Ҳасан Турсунқулов маълум қилган. Раисга кўра, айрим бемаъни маросим ва одатлар оилаларнинг бузилишига сабаб бўлибгина қолмай, ота-оналарга катта машаққат туғдирмоқда. “Самарқандда куёвга сомса юбориш одати кимўзарга айланиб кетган. Бунда қиз томонидан ҳар фаслга мослаб куёвга юборилаётган сарполар, парфюмерия буюмлари, қайнона-қайноталарига олтин тақинчоқлар, катта лаганларда сомса, ширинликларнинг адоғига етолмайсиз. Бундан ташқари, келин томонидан тикиб келинадиган парданинг ўзи беш-олти миллионга айланади, мебелу уй анжомларини қаерда ишлаб чиқарилганию не-не машаққатлар эвазига келганини гапирмасаям бўлади. Шу бемаъни урф-одатларни деб ота-оналар четга ишлашга чиқиб, касалманд бўлиб келяпти... Келин турмуш ўртоғининг уйига ётоғидаги тўшагигача олиб бораётгани йигитларимизнинг ҳамиятига тегмай қўйди”, дейди маҳалла раиси Ҳ.Турсунқулов.