Ирма довули Флорида штатидаги Кей-Уест оролига етиб борди

Ирма тўфони яқинлаётган Дисней парки, Флорида, АҚШ

Ирма довули олдидан эсаётган кучли шамол Флорида штатидаги сайёҳларнинг севимли маскани бўлган Кей-Уест оролига етиб борди.

Прогнозларга кўра, унинг йўлида Тампа шаҳри турибди. Аввалига энг хавфли бўлган 5 даражали довул сифатида баҳоланган Ирма 4-даражага туширилди.

Ўтган тунда тезлиги, баъзан, соатига 200 километрга чиқиши кузатилган довул Куба қирғоқларидан ўтди. Шимоли-ғарбий соҳил бўйлаб, сув сатҳининг кўтарилгани, айрим жойларда тўлқинлар баландлиги 6-9 метрга етгани кузатилди.

Сўнгги прогнозларга кўра, бошидан тахмин қилингани каби, Ирма довули тўғридан-тўғри Маямига урилмайди. Аммо кучли шамол ва кучли жала оқибатида йирик мегаполис ва сайёҳлар орасида машҳур бўлган шаҳарга жиддий зарар етказиши кутилмоқда.

Флорида штати губернатори Рик Скотт Ирма довули ўтиши кутилган ҳудудлардаги 5 миллиондан ортиқ аҳолини эвакуация қилишга қилишга кўрсатма берди. Огоҳлантирувларга қарамай минглаб одам ўз уйида қолмоқда.

Соатига 200 километрга бўлган тезликда ҳаракатланаётган Ирманинг сўнгги 12 йил ичидаги энг йирик тропик довул экани айтилмоқда. Ҳозирга қадар Кариб оролларида Ирма довулида нобуд бўлган 20 киши қайд этилди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Ирма довулини ҳалокатли, дер экан ватандошларини ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот органлари тавсияларига амал қилишга чақирди.

Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг билдиришича, Ирма довулидан шу кунгача Кариб кўрфазида 1 миллион 200 минг одам жабрланган.

Август ойининг охирларида АҚШнинг Техас штатига ëпирилган Ҳарви довули ва унинг ортидан бошланган сув тошқини оқибатида камда 33 одам ҳалок бўлган, юз минглаб одам уйсиз қолган эди.