Президент Мирзиёев 18-20 сентябрда АҚШда БМТ сессиясида қатнашади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18-20 сентябрь кунлари АҚШ га сафар қилади ва БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси умумий музокараларида нутқ сўзлайди.

Президент Мирзиёевнинг нутқи 19 сентябр кунига белгиланган.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, президент Нью-Йоркка сафари доирасида "БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Халқаро валюта фонди тақсимловчи директори Кристин Лагард, Жаҳон банки гуруҳи президенти Жим Ён Ким ҳамда БМТ Бош Ассамблеясига ташриф буюрган бошқа давлат раҳбарлари билан учрашиб, музокаралар ўтказади".

Мирзиёев, шунингдек, Ўзбекистон –Америка бизнес-форумида иштирок этади. Бизнес-форумда икки давлат етакчи фирма ва компаниялари раҳбарлари ўртасида савдо-иқтисодий, молиявий-сармоявий соҳаларда кўплаб икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.