Лондондаги портлашга алоқадор кўрилган иккинчи шахс ушланди

Лондон ғарбида метродаги портлашга алоқадор кўрилган иккинчи шахс ушланди.

Рейтер агентлигининг Скотланд-ярддаги манбасига таяниб хабар қилишича, 21 яшар шахс шанба оқшомида ушланган.

Лондон метросининг "Парсонс-Грин" бекатидаги портлаш 15 сентябр куни эрталаб содир этилди. Унда 30 га яқин одам жароҳатланди.

Террорчилик ҳужуми учун масъулиятни "Ислом давлати" экстремист гуруҳи зиммасига олди.

Айни пайтда Буюк Британияда террор хавфи энг юқори даражага кўтарилган.

Ушбу портлашни уюштиришда гумон қилинган 18 яшар шахс 16 сентябр куни Довер шаҳрида ушланган.