Ироқ Олий суди Курдистонда референдум ўтказишни тўхтатди

Курдистон мустақиллиги тарафдорларининг Духук шаҳрида 2017 йил 16 сентябрда ўтган митингги.

Ироқ Олий Суди Курдистон мухториятида мустақиллик юзасидан ўтказиладиган референдумни унинг нақадар қонуний эканлиги аниқлангунига қадар тўхтатиш тўғрисида қарор чиқарди.

Ироқнинг Курдистон мухторияти ҳукумати 25 сентябрда мустақиллик тўғрисида референдум ўтказиш тўғрисида қарор чиқарган эди. Бу қарор Ироқ ҳукуматининг кескин қаршилигига сабаб бўлган:

-Биз референдум Конституцияга зид келади, деган позициядамиз. Бу ноқонуний ҳаракат, -деб баёнот берган Ироқ бош вазири Ҳайдар ал Абодий.

Курдистонда референдум ўтказилишига Эрон, Туркия, БМТ ва бошқа қатор давлатлар қарши эканликларини билдирганлар.

Мазкур давлатлар раҳбарлари Курдистон мустақиллиги Ироқнинг ҳудудий яҳлитлигини бузади ва террор гуруҳлари томонидан янги таҳдидларни пайдо қилади, деб ҳисобламоқдалар.