Трамп БМТни жаҳондаги одамлар ишончига сазовор бўлишга чақирди

АҚШ президенти Дональд Трамп БМТни ислоҳ қилиш қўмитасининг махсус йиғилишида сўзламоқда, 2017 йил, 18 сентябрь, Нью-Йорк.

БМТ Бош Ассамблеясининг 72 - сессияси доирасида 18 сентябрь куни нутқ сўзлаган АҚШ президенти Дональд Трамп ташкилот ўз имкониятлари даражасида фаолият юритмаётганини танқид қилди.

“Кўпроқ одамларга ва озроқ бюрократияга ориентир олиш лозим”, деди Трамп БМТни ислоҳ қилиш қўмитасининг махсус йиғилишида.

Трампнинг айтишича, БМТнинг ривожланишига бюрократия, самарасиз бошқарув, чиқимларнинг жуда кўплиги ва ходимларининг керагидан ортиқ даражада экани ҳалақит қилмоқда.

-Биз БМТ бутун жаҳондаги одамлар ишончини қайта қозонишини истаймиз. Бу мақсадга эришиш учун БМТ барча даражадаги жавобгарликкак тортиш, маълумот бераётган одамлар ҳимоясини яхшилаш ҳамда жараёнга эмас, аниқ натижаларга мослашиши лозим, -деди Трамп.

БМТ Бош котиби Антонио Гуттериш Трампнинг танқиди асосли эканини айтди. Гуттеришга кўра, ҳақиқатан ҳам бюрократия БМТнинг жуда катта муаммоси бўлиб ҳисобланади. “Бу масала менга тунлари ҳам уйқу бермай қўйган”, деди Гуттериш.

АҚШ БМТнинг энг асосий молиячиси ҳисобланади. БМТнинг 2,5 миллиард долларлик йиллик бюджетининг 600 миллион долларини АҚШ тўлайди. Бундан ташқари Вашингтон ҳар йили БМТнинг тинчликни сақлаш миссиясига 2 миллиард доллар ажратади.