Испания ва Каталония мухторияти ўртасида таранглик кучаймоқда

Каталониядаги референдум тарафдорлари ўтказган митинг.

Испаниянинг Каталония мухторияти ташқи ва институционал алоқалар вазири Рауль Ромава 28 сентябрь куни Барселонда ўтган матбуот анжуманида Европа Иттифоқини каталонияликларни ҳимоя қилишга чақирди.

-Европа комиссияси бундан буён бу ички масала, деб бир четда тура олмайди. Комиссия Европа Иттифоқини ҳимоя қилиши ва каталонияликларнинг умумий манфаатларини қўллаб-қувватлаши лозим, чунки каталонияликлар Европа Иттифоқининг ватандошларидир, - деди Рауль Ромава.

Каталонияда 1 октябрда Испаниядан мустақил бўлиш юзасидан референдум ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур референдумни ноқонуний деб топган Испания ҳукумати минтақа полициясини ўз назоратига олди ҳамда референдум ўтказишга масъул бўлган ўнлаб расмийларни ҳибс қилди.

Мустақиллик тарафдорлари Испания ҳукуматининг бундай чораларига қарши 27 сентябрда кўп минг кишилик митинг ўтказдилар. Мустақилликка қаршилар эса Испания ҳукумати ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда.

Испания прокуратураси референдум арафасида Каталония президенти Карлес Пучдемон ҳам ҳибс қилиниши мумкинлигини билдирди. Пучдемон Каталония расмийларининг испан полицияси томонидан қамоққа олиниши референдумнинг ўтказилишига таъсир кўрсата олмайди, деб билдирган.