Мирзиёев Россия президенти Путинни телефонда туғилган куни билан қутлади

7 октябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан телефонда гаплашди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, дастлаб Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни туғилган куни билан табриклаган ва унинг Россия ривожи, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва ҳамкорликка шахсан қўшган улкан ҳиссаси учун олқишлаган.

Мулоқотда икки раҳбар давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик, борди-келди муносабатлари ривожланиб бораётганини алоҳида урғулаб, йил бошидан бери томонлар ўртасидаги савдо айланмаси 3 миллиард доллардан ошганини қайд этгани хабар қилинди.

Расмий хабарда айтилишича, телефон суҳбати давомида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Россия раҳбари эса мулоқот якунида Мирзиёевга табрик учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон-Россия ўртасидаги ҳамкорлик ва иттифоқчиликни янада ривожлантириш ниятида қатъий эканини билдирган.