Бишкекда автоҳалокатда нобуд бўлган бош вазир ўринбосари дафн этилади

Темир Жумақадиров.

Душанба куни Бишкекдаги Қирғиз миллий академик театри биносида автоҳалокатда ўлган бош вазир ўринбосари Темир Жумақадиров билан хайрлашиш маросими ўтказилади. Марҳум Қирғизистон пойтахтидаги Алаарча қабристонида дафн этилиши кутилмоқда.

Ичида Темир Жумақадиров, ёрдамчиси ва ҳайдовчиси бўлган Toyota Land Cruiser автомобили 7 октябрь куни Бишкек-Чалдовар йўлида юк тўла КамАЗ билан тўқнашиб кетган. Айтилишича, ўша тонг бош вазир ўринбосари Талас вилоятига сайлов участкалари ҳозирлигини текшириш учун кетаётганди.

Енгил машинада бўлганларнинг ҳаммаси ҳаётдан кўз юмган. КамАЗ ҳайдовчиси эса сўроқ қилинмоқда.

38 ёшли Темир Жумақадиров президент сайловини ўтказиш бўйича республика штабини бошқараётган эди. У шу йил августида бош вазирнинг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари вазифасига тайинланганди. Бунгача Жумақадиров Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби вазифасини бажариб келган.