Чехия президенти Қрим учун Украинага “товон” тўлашни таклиф қилди

Чехия президенти Милош Земан Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси сессиясида, Страсбург, 2017 йил 10 октябри.

Чехия президенти Милош Земан Россия томонидан Қрим аннексия қилингани муносабати билан кўрилган зарарни қоплаш учун пул ёки энергия ресурсларини етказиб бериш орқали товон тўланишини таклиф қилди.

10 октябрь куни Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси сессиясида чиқиш қилган Земан ЕИ томонидан Россияга Қрим аннекcияси ва Украина шарқидаги уруш туфайли жорий қилинган санкцияларни танқид қилди.

Чехия президенти бундан аввал ҳам бир неча бор мазкур санкцияларни танқид қилганди. Милош Земан Қрим аннексия қилинганидан сўнг Москвага борган, шу йилнинг ноябрь ойида ҳам у Россияга боришни режаламоқда. Мухолифлари Земанни россияпараст сиёсатчи сифатида таърифлашади.

Украинанинг Прагадаги элчиси Евгений Перебийнис Земаннинг таклифини "кинояли” деб атади ва Украина "ўз ҳудудлари ва ўз фуқаролари эркинликлари устида савдолашмаслиги”ни таъкидлади.