Жаҳон лидерлари Сомалидаги мудҳиш ҳужумни қораламоқда

Сомали пойтахти Могадишода портлаш содир бўлган жой, 2017 йил 14 октябри.

БМТ бош котиби Антонио Гутерриш ҳамда қатор давлат раҳбарлари Сомали пойтахтида содир этилган бомбали ҳужумни қоралаб чиқдилар. Могадишода 14 октябрь куни содир этган портлашда камида 276 киши нобуд бўлган ҳамда 300 га яқин киши яраланган.

Сомали расмийлари портлаш учун масъулиятни “Ал-Қоида” ҳамда “Ал-Шабаб” экстремистлар гуруҳига юклади. Бироқ бу ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч бир гуруҳ зиммасига олганича йўқ.

Сомали тарихидаги энг қонли ҳужум ўлароқ кўрилаётган бу ҳодисани АҚШ, Британия ва Франция раҳбарлари ҳам қораладилар.

Ичига портловчи модда тўлдирилган юк машинаси Могадишонинг одам гавжум бўлган савдо мавзеи Ходанда портлаган. 15 октябрь куни портлаш содир бўлган жойда намойиш ўтказилган.

Сомали расмийлари портлаш қурбонлари сони ортиши мумкинлигини айтмоқдалар.