Ўзбекистон Туркия ватандошларига 3 кунда виза бериш тартибини жорий қилди

Туркия ватандошлари бундан буён Ўзбекистон визасини 3 иш куни ичида олиши мумкин.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 октябр куни "Туркия республикаси фуқаролари учун виза бериш жараёнини енгиллаштириш" тўғрисидаги қарорни имзолади.

Бундай қарорни қабул қилишдан мақсад давлатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантириш экани айтилди.

Ўзбекистонда Туризмни ривожлантириш қўмитаси сайтида берилган хабарга кўра, Ўзбекистонга боришни истаган туркиялик ишбилармонлар 3 кунлик муддат ичида (ҳужжат қабул қилинган кундан ташқари) бир йиллик муддатгача бўлган, кўпмарталик визани олиши мумкин.

Бундан ташқари, виза олишни истаган туркияликлардан Ўзбекистондаги юридик шахсдан йўлланган таклифнома сўраш талаби ҳам бекор қилинди.

Ўзбекистонга сафар қилаётган туркиялик сайёҳларга эса 3 кун ичида бир ойлик виза бериладиган бўлди.