Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний озодликка чиқди

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний, 22 октябр, 2017.

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний 20 суткалик қамоқ муддатини ўтаб, озодликка чиқди.

Ой бошида Навальний одамларни рухсат этилмаган митингларда қатнашишга даъват қилишда айбдор, деб топилиб, ҳибсга ташланганди.

22 октябр куни Навальний Instagramда “Салом. Мен чиқдим”, деб ёзди. Мухолифатчи ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилиш мақсадида Астрахан шаҳрига йўл олишини қўшимча қилди.

2018 йилги президент сайловида иштирок этишни ният қилган Навальний “ишлашга тайёр” эканини таъкидлади.

Мухолифатчининг матбуот котиби Астрахан шаҳрининг “Дружба” паркида бўлиб ўтадиган йиғинга расмийлар рухсат берганини билдирди.

41 ёшга тўлган Навальний сайловолди кампаниясини ҳам бошлаб юборган. Аммо, жорий йил июнида Россия Марказий сайлов комиссияси Навальнийни молиявий жиноятларда айблангани учун сайловда иштирок этолмаслиги тўғрисида огоҳлантирган.