Ростовда 21 ёшли ўзбекистонлик муҳожир қотилликда айбланмоқда

Россиянинг Ростов вилоятида иш берувчисини ўлдирганликда айбланаётган 21 ёшли ўзбекистонлик қўлга олинди.

Россия тергов қўмитасининг Ростов вилоят бўлими томонидан 31 октябрда тарқатилган маълумотга қараганда, Ўзбекистон ватандоши Семикаракор туманида яшовчи 63 ёшли шахснинг бошига бир неча марта болта уриб ўлдирган ва унинг жасадини теплицага яширган.

Айбланувчи Россиядан ташқарига чиқиб кетишга уринаётган пайтда полиция томонидан қўлга олинган.

Маълумотда айтилишича, дастлабки тергов пайтида ўзбекистонлик ўзига билдирилган айбловни тан олган ва шахсий адоват туфайли ўз иш берувчисини ўлдирганини айтган.

Мазкур воқеа юзасидан тергов давом этмоқда.