Самарқанддаги халқаро анжуманда минтақа хавфсизлиги муҳокама қилинади

БМТ Бош котиби ўринбосари Мирослав Енча Самарқанд анжуманида иштирок этадиган меҳмонлардан биридир.

Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари БМТ шафелигида Марказий Осиё хавфсизлиги ва барқарор тараққиётига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида хабар берилди.

Маълумотда айтилишича, анжуманда 500 одам, жумладан, минтақа давлатлари ташқи ишлар вазирлари, МДҲ, Европа, Осиё ва Америкадан ҳукумат делегациялари, 10дан ортиқ халқаро ташкилотлар вакиллари, юздан ортиқ халқаро экспертлар ва журналистлар иштирок этади.

Анжуманда БМТ Бош котиби ўринбосари Мирослав Енча, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар мутасаддиси Федерика Могерини, ЕХҲТ бош котиби Томас Греминер ва бошқаларнинг нутқ сўзлаши кутилмоқда.