Истанбулда ўзбек аёлларининг мардикор бозори пайдо бўлди

Тошкентдаги аëллар мардикор бозори.

Истанбулнинг Бакиркўй туманига яқин жойда ўзбек аёлларининг мардикор бозори пайдо бўлди. Бу ҳақда CNN Турк телеканали маълум қилди.

Телеканал мухбири Фуля Ўзтурк Гунгўрен мавзесида йиғилган мардикор аёллар билан суҳбатлашиб, уларнинг асосий қисми ўзбекистонликлар эканини аниқлаган.

Мухбирининг билдиришича, аёлллар “ҳар куни эрталабдан шу жойга келиб турадилар ҳамда саккиз соатгача мижоз кутадилар”.

CNN Турк лавҳасида мардикор бозорига йиғилган ўнлаб ўзбекистонлик аёлларни кўриш мумкин. Лавҳада таъкидланишича, ўзбек мардикор аёлларига иш топишларида маҳаллий эркаклар ҳам воситачилик қиладилар.

Бу хабар юзасидан муносабат билдирган Kun.uz нашри “Аёллар кундалик юмушларни бажариш учун ёлланма меҳнаткашлар бозорига чиқиши айниқса пойтахт Тошкент шаҳрида авж олган бўлиб, ундаги аксарият мардикор аёллар пойтахт теварагидан келган, Тошкентда доимий турар жойга эга бўлмаган фуқаролар ҳисобланади”, деб ёзди.