Ўзбекистон ва Корея ўртасида деярли 9 миллиард долларлик шартномалар имзоланди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифининг биринчи кунида 8 миллиард 940 миллион долларлик 75 та шартнома имзоланди, деб хабар берди 22 ноябрь куни президент ташрифини ёритиш бўйича матбуот маркази.

Эришилган шартномаларнинг 2,96 миллиард доллари энергетика ва нефтгазкимёси, 2,7 миллиард доллари банк-молия, 1,7 миллиард доллари қурилиш ва инфраструктурани ривожлантириш соҳаларига таалуқли.

Матбуот маркази хабарларида айтилишича, шунингдек, Ўзбекистон уранини Жанубий Корегя сотиш бўйича ҳам келишувга эришилган.

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторларидан ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистгон ҳудудида Корея капитали асосида 461 корхона ишламоқда.

2017 йилнинг январь-октябрь ойлари якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 1 миллиард 100 миллион долларга етган.Расмий маълумотга қараганда, бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 1,3 маротабага кўпдир.

Президент Шавкат Мирзиёев Жанубий Корегя давлат ташрифи билан 21 ноябрь куни борган эди. Давлат ташрифи 25 ноябргача давом этади.