Сўнгги 5 йилда 7 одам, шу йилнинг 10 ойида 191 одам судлар томонидан оқланди

Ўзбекистон судлари жорий йилнинг 10 ойи мобайнида ўтган 5 йилга нисбатан 27 маротаба купроқ оқлов ҳукмларини чиқарди. Бу ҳақда президент Мирзиёевнинг 30 ноябрда имзоланган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларнни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланган фармонида маълум қилинди.

Фармонда таъкидланишича, сўнгги 5 йилда судлар 7 шахсни оқлаган бўлса, жорий йил йил бошидан бери 191 шахс судда оқланган. Бундан ташқари 10 ой ичида реабилитация ва бошқа асосларга кўра 3511та жиноят иши тўхтатилган.

Ҳужжатга асосан, бундан буён қийноқ ва ноқонуний йўллар билан олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланади.

Шунингдек, фармонда жиноят иши бўйича фактларни сохталаштириш ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатмаларни беришга мажбурлаш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик белгилашга кўрсатма берилган.