Франция ва Германия Эронни "гегемонлик иддаосидан воз кечиш"га чақирди

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив ле Дриан.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив ле Дриан Франция ва Германия Эрон баллистик ракеталар дастурини тўхтатиши ҳамда Яқин Шарқда “гегемонлик иддаосидан воз кечиши" зарур, деб ҳисоблашини маълум қилди.

Бу ҳақда ле Дриан Парижда 4 декабрь куни германиялик ҳамкасби Сигмар Габриэл билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида билдирди.

-Бизда Эрон баллистик ракеталар дастурини тўхтатиши ҳамда минтақада “гегемонликни даъво қилишдан” воз кечиши зарур , деган умумий нуқтаи назар мавжуд, -деди Ле Дриан.

Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмийси Баҳром Гасимий Теҳрон “мудофаа ва ракеталар дастури юзасидан ҳеч ким билан музокара ўтказмайди”, деб баёнот берган эди.

Германия ва Франция эса Эрондан 2015 йилда эришилган шартномани бажаришни талаб қилмоқда. Бу шартномага биноан Эрон ядровий дастуридан воз кечиши эвазига Ғарб Теҳронга нисбатан санкцияларни бекор қилиши лозим эди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронни “шартнома руҳига мос келмаётган ҳаракатлар”да айблаб, АҚШ шартномадан чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

АҚШ нуқтаи назарича, Эрон баллистик ракеталар синовини ва Яқин Шарқда экстремистларни қўллаб-қувватлашда давом этаётир. Теҳрон бу иддаоларни инкор этиб, ракеталар мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш учун зарур эканини айтиб келмоқда.