АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олгани танқидга учради

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Трамп Қуддус шаҳрини Исроил пойтахти сифатида тан олди

Президент Дональд Трампнинг АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиши тўғрисидаги расмий баёноти Исроилдан бошқа давлатларнинг кескин танқидига учради.

Кремль АҚШнинг бу ҳаракати Яқин Шарқдаги вазиятни янада мураккаблаштирганини айтди.

7 декабрь куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия президенти Владимир Путин ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШ қарори Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш жараёнига қандай таъсир ўтказишини муҳокама қилишини билдирди.

Аввалроқ Эрдўғон АҚШ Қуддусни пойтахт деб тан оладиган бўлса, Анқара Исроил билан дипломатик алоқаларни узишини билдирган эди.

АҚШ ҳамкорлари, жумладан, Германия, Саудия Арабистони ҳамда Европа Иттифоқи Трамп қарорини танқид қилди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг саккиз аъзоси, жумладан, АҚШ ҳамкорлари бўлмиш Британия, Франция, Миср, Италия ва Швеция Трамп қарорини муҳокама қилиш учун 8 декабрга навбатдан ташқари йиғин белгилади.

Халқаро ҳамжамият узоқ йиллардан бери Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олишдан бош тортиб келмоқда. Айни пайтда Фаластин шарқий Қуддусни ўз пойтахти сифатида кўришни истайди.